Дунёнинг энг кучли қизи, россиялик оғир атлетикачиси Марьяна Наумовна Сурия президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асмо Ал-Асаднинг таклифига биноан Дамашққа ташриф буюрди.

16 ёшли спортчи қизнинг "ВКонтакте"даги саҳифасида маълум қилинишича, у ўз сафари давомида Суриядаги мактаблар, спорт мажмуалари ва аёлларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш базаларига ҳам боради.

Бундан олдинроқ, Наумова Донбассга 3 марта борган ва бир қатор маросимларда фахрий меҳмон сифатида иштирок этганди. Шундан сўнг, Украина пауэрфтинг федерацияси Наумовага берган бир неча медаллари ва даражаларни бекор қилганди. У Шимолий Кореядаги семинарларда ҳам қатнашганди.

Қайд этиш керакки, шу йилнинг баҳорида Наумова Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер билан АҚШдаги шоулардан бирида учрашиб суҳбатлашган ва унга "Донецк халқ республикаси"да яшовчи болалар ёзган мактубни топширганди. Наумова ушбу таниқли шахс билан суҳбатида ундан Россия ва АҚШ муносабатларининг илиқлашиши учун ўз ҳиссасини қўшишини сўраганди.