“Даракчи” газетаси ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда навбатдаги сонида ҳам ўзига хос рейтинг эълон қилди. Ушбу рейтинг энг инжиқ ўзбек актрисалари бешталигидан иборат бўлди. Рейтинг натижаларига кўра “инжиқ” деб топилган актрисалар бундай таърифга ўз муносабатларини билдириб ўтишди.

Райҳон Уласенова, актриса:

“Сценарий ёқмаса, мени ўша фильмда суратга тушишга ҳеч қанақасига кўндириб бўлмайди. Энг катта талабим эса фильмда ишлайдиган ҳар бир киши суратга олиш майдончасига ўз вақтида келсин. Пунктуаллигим сабаб кўпинча бошқаларнинг масъулиятсизлигидан ранжийман. Шунга қарамай, бир соат кутишим мумкин, лекин ундан у ёғига сабр қилиб ўтирмайман”.

Нигора Каримбоева, актриса:
“Қатъий тартибни ёқтираман. Суратга олиш айтилган вақтда бошланиб, белгиланган вақтда тугаши шарт. Чунки ишларимни соатма-соат белгилайман. Ва кун тартибига риоя қиламан. Ишга бўлган муносабатни ҳам қадрлайман. Ҳангома айтиб, кулишиб ўтириб, вақт кетказадиганларни ёмон кўраман. Режиссёрга қўядиган талабим – актриса сифатида мендан нима исташини тўлиқ баён қилиб, вазифани тўғри бериши керак. Хоҳлаганингизча ўйнайверинг дейдиган режиссёрлар билан келишолмайман”.

Муқаддас Ҳолиқова, Ўзбекистон халқ артисти:
“Аввало сценарийни ўқиб чиқиб, маъқул келсагина суратга тушишга рози бўламан. Суратга олиш майдончасида бирор фикр туғилиб қолса, уни режиссёрга асослаб бериб, кинокартинага қўштиришга муваффақ бўламан... Бошқаларни грим қилган пардоз анжомларини менга ишлатишларини истамайман. Пардоз анжомларим сингари либосларимни ҳам ўзим олиб бораман”.

Зулхумор Мўминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
“Биринчи талабим – профессионализм! Бунинг ортида аввало қилаётган ишига бўлган муносабат туради. Ижодий жамоада режиссёрдан то ёрдамчиларга ўз касбининг устаси бўлишини истайман. Шундагина ишнинг натижаси юзага чиқади”.

Шодия Тўхтаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
“Аввало киши ўзига нисбатан талабчан бўлмаса, бошқаларга қўядиган талабинг бир пул. Шунинг учун ўзимга қўйган талабларни меъёрига етказиб, сўнг атрофдагиларга талаб қўяман. Суратга олиш майдончасида интизомни талаб қиламан. Гоҳида кадрда бўлмаганлар халал берганида суратга олишни тўхтатиб, уларнинг хоҳ ёши мендан катта, хоҳ кичик бўлсин, илтимос, тинчликни сақланглар, ишлаяпмиз, дейман. Атрофдагиларнинг ишга бўлган совуққонлиги ё режиссёрнинг интизомсизлигиданми, шундай ҳолатлар юз бериб туради”.