Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси, 2014 йилги Жаҳон чемпионати совриндори, XVII ёзги Осиё ўйинлари ғолиби, 2015 йили ўтказилган Осиё чемпионатининг олтин медаль соҳиби Бекзод Абдураҳмонов гиламга чиқаётган 70 кг.гача вазн тоифаси олимпиада ўйинларидан олиб ташланган. Бироқ бу унинг жанговари ҳолатига таъсир қилмаслигини таъкидлаб ўтди.

«Албатта, мен иштирок этадиган -70 кг вазн тоифаси эндиликда Олимпия ўйинларида мусобақаларни ўтказилмаслиги ачинарли ҳол бўлсада, бу жиҳат ўз олдимизга қўйган вазифамизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Ҳар доимгидек, юз фоиз мусобақага тайёрман ва медаллар учун кураш олиб бораман. Ахир жаҳон чемпионатининг нуфузини ҳеч ким бекор қилмаган-ку», дейди Абдураҳмонов.

«Биз жуда катта тайёргарлик босқичини ўтадик. Жумладан, Доғистонда жойлашган дунёнинг энг яхши эркин кураш мактаби вакиллари билан ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларида қатнашдик. Бу албатта ўз мевасини беради. Бир сўз билан айтганда бизда юқори натижаларни қайд эта олишга қодир бўлган ажойиб терма жамоа мавжуд», – дея Бекзод Абдураҳмоновнинг сўзларидан иқтибос келтиради Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти.

Маълумот ўрнида таъкдлаб ўтиш жоиз, мазкур жаҳон чемпионатида эркин кураш бўйича мусобақалар 10-12 сентябрь кунларига белгиланган. Бекзод Абдураҳмонов иштирок этадиган -70 кг. вазн тоифасидаги беллашувлар 12 сентябрь куни ўтказилади.