Исландия терма жамоаси Евро-2016 турнирининг саралаш босқичини муваффақиятли равишда ўтказди ва муддатидан олдин йўлланмага эга бўлди.

Бу терма жамоа саралаш босқичини А гуруҳида ўтказди ҳамда 8-тур ўйинларидан кейин исландияликлар гуруҳда биринчи ўринда турибди. 8 турда ўз майдонида Қозоғистонни қабул қилган Исландия 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва очколари сонини 19тага етказди. Саралаш босқичи якунланишига 2 тур қолган вақтда энди бу терма жамоа камида иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиши аниқ бўлган. Шу тариқа, исландлар 2016 йилда Франция майдонларида ўтадиган турнирда ўз тарихида илк марта Европа чемпионатида иштирок этади.

Ушбу гуруҳда иккинчи ўрин Чехияга тегишли бўлиб турибди. Чехияликлар 8-турда Латвияни 2:1 ҳисобида енгган ва очколари сонини 19тага етказган ҳамда тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда жойлашган.

А гуруҳида Европа чемпионатига чиқиш имкониятини сақлаб қолиш учун Голландия ва Туркия терма жамоалари курашни давом эттиради. Бу икки терма ўртасида 6 сентябрь куни ўтказилган ўйиндан (Туркия фойдасига 3:0) кейин учинчи ўрин учун 12 очкога эга Туркия ва 10 очкоси бор Голландия даъвогар ҳисобланади.

Кейинги икки турда Голландия Қозоғистон ва Чехия билан, Туркия эса Чехия ва Исландия билан ўйин ўтказади.