Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида мусобақанинг гуруҳ босқичига чиқиш учун курашда Москванинг “ЦСКА” клубига имкониятни бой берган Лиссабоннинг “Спортинг” клуби бош мураббийи Жорже Жезуш Чемпионлар Лигаси ҳомийси “Газпром” мусобақанинг кейинги босқичида португал жамоасини эмас, балки ЦСКАни кўришни истагани ва бунинг амалга ошишида ўз таъсирини ўтказгани эҳтимоли мавжудлиги ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.

-"Спортинг” Чемпионлар Лигасида деярли икки марта кетма-кет ҳакамлар хатолари қурбони бўлди. Дастлаб ўтган йилда “Газпром” ҳомийлик қиладиган “Шальке” билан бўлган хато. Мана энди, ЦСКА билан”, дейди Жезуш.

- Сиз “Спортинг”га нисбатан еврокубокларда бундай нохолис муносабатни Doyen жамғармаси ва бошқа агентликлар билан боғлиқ муаммолар билан боғламайсизми?”

- Чемпионлар Лигасидаги спорт сиёсати катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. У қабул қилинган кўп қарорлар билан умумий жиҳатга эга. Чемпионлар Лигасининг асосий ҳомийси Россиянинг “Газпром” компанияси ҳисобланади. Шунинг учун “Спортинг” билан ЦСКА ўртасидаги танлов... Doyen’га келсак, уларнинг бунга дахли йўқ!. Лигага “Газпром” ҳомийлик қилади. Сиёсий нуқтаи назардан улар у ёки бу қарорнинг қабул қилинишида таъсир ўтказишлари мумкин”.

- Яъни, сиз “Спортинг”нинг мусобақадан чиқиб кетиши, ЦСКА эса Чемпионлар Лигасида ўйнашда давом этиши борасида қарор қабул қилинган демоқчимисиз?

- Уларга ҳаттоки бу фикрни уқдириш ҳам керак эмас. Бу аслида ҳам шундай. Ўйинга кетаётганингда аллақачон олдиндан нима қилишни биласан”, деб ўз сўзини якунлади Жезуш.

Эслатиб ўтамиз, “ЦСКА” Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида икки ўйин натижасига кўра 4:3 ҳисобида (1:2, 3:1) “Спортинг”ни мағлуб этиб, мусобақанинг гуруҳ босқичига йўл олган эди.