Канадалик аёл Apple Watch’дан куйиб қолганини айтди

Технология 07 Сентябрь 2015 1660

Канадалик аёл Apple’нинг Канададаги дўконига мурожаат қилиб, Apple Watch “ақлли” соатлари унинг қўлини куйдирганини айтди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри ёзмоқда.
48 ёшли Энни Хоаннинг таъкидлашича, у машинада кетаётганида аёлнинг соат тақилган қўли 7 соат мобайнида қуёш остида турган. Бунинг натижасида металл корпус қизиб кетиб, билакда куйиш ҳосил қилган.

Аёл дўкондан соатни қайтариб олиб, пулини беришни талаб қилган эди, аммо сотувчилар куйиш соатдан нотўғри фойдаланиш натижасида келиб чиққанини рўкач қилиб, соатни қайтариб олишдан бош тортди. Бунга қадар Хоан 3 ой мобайнида соатни тақиб юрган, лекин жароҳат олмаган.

Аёлнинг таъкидлашича, дўконга учинчи ташрифидан сўнг Apple Store менежери соат пулини қайтариб беришга рози бўлган. У соатни алмаштириб беришни таклиф қилган, лекин аёл рози бўлмаган.

Компания расмийлари ҳозирча бу воқеага ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Кўпроқ янгиликлар