Лас-Вегасда спорт курашлари бўйича Жаҳон чемпионати бошланади

Спорт 07 Сентябрь 2015 2985

Бугун, 7 сентябрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган 2016 йилги Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилади.

"Орлеанс Аренa" ўйингоҳида бўлиб ўтадиган мусобақаларда ўзбекистонлик олти нафар юнон-рум, беш нафар эркин ва икки нафар хотин-қизлар кураши усталари жаҳон чемпионлиги ҳамда олимпиада йўлланмалари учун баҳс олиб боради.

Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоасининг тўлиқ таркиби қуйидагича:
Юнон-рум кураши. 59 кг: Элмурат Тасмурадов, 66 кг: Александр Лохов, 71 кг: Нурбек Холмухамматов, 75 кг: Нурбек Хошимбеков, 80 кг: Бесики Солдадзе, 98 кг: Жаҳонгир Турдиев. Мураббийлар таркиби: Камиль Фаткуллин, Рустам Қудратов.

Эркин кураш. Эркаклар. 57 кг: Маҳмуджон Шавкатов, 65 кг: Ихтиёр Наврўзов, 70 кг: Бекзод Абдураҳмонов, 74 кг: Рашид Қурбонов, 86 кг: Умиджон Исманов. Мураббийлар таркиби: Александр Недорезов, Убайдулла Тоиров.
Эркин кураш. Аёллар. 48 кг: Даулетбике Яхшимуратова, 53 кг: Зуҳра Мустанова. Мураббий: Ахмет Кагарманов.

Шунингдек, ҳакамлар таркибида ўзбекистонлик Константин Михайлов ва Тоҳир Ғуломов ҳам иштирок этмоқда.
Спортчилар юнон-рум ва эркин кураш бўйича жами 24та медаллар жамланмаси учун майдонга чиқишади.

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Александр Недорезовнинг wrestling.uz сайтига берган интервьюсида ўзбекистонлик спортчиларнинг баҳсларга ҳар жиҳатдан тайёр эканини маълум қилинган эди.

“Бизнинг жамоа ҳам тажрибали, ҳам ёш курашчилардан таркиб топган. Қайд этиш жоизки, Лас-Вегасдаги Жаҳон чемпионати — 2014 йилда ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган Маҳмуджон Шавкатов учун катталар термаси таркибидаги биринчи йирик мусобақадир. Бироқ ёши ва тажрибасидан қатъи назар, ҳар бир спортчи олдига катта вазифаларни қўйганмиз”, – деди Александр Недорезов.

Жаҳон биринчилиги 12 сентябрга қадар давом этади.

Кўпроқ янгиликлар