Наманган вилояти Норин туманида Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда УзА нашри хабар берган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаётган алоҳида эътибор уларнинг замон талаблари асосида таълим-тарбия олиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

"Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган марказ ёшларимиз учун муносиб байрам туҳфаси бўлди. Бу маскан ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббус ва интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, касб-ҳунар ўрганиши учун барча шароит яратилган. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан 129 миллион сўмликдан зиёд жиҳозлар тақдим этилди", – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Норин тумани кенгаши раиси Бахтиёр Шомирзаев.

Марказда рус ва инглиз тилларини ўргатадиган махсус курслар, компьютер саводхонлиги тўгараги, ёш тадбиркорлар учун маслаҳат маркази, ёш оила маслаҳатхонаси ва кутубхона каби ўнга яқин тўгарак ва бўлимлар ёшлар ихтиёрида. 150 ўринга мўлжалланган зал турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш имконини беради.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга ўзгача завқ бағишлади.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.