Ироқ қуролли кучлари "ИШИД" жангариларига қарши биринчи марта АҚШдан сотиб олинган F-16 қирувчи-бамбардимон самолётларидан фойдаланган ҳолда зарба берди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Питер Кук 6 сентябрь куни маълум қилди.

Кук F-16 самолётлари Ироққа 2015 йилнинг июль ойида етказилганини эслатиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, “АҚШ Ироқ билан стратегик шерикчилик ўрнатилиши тарафдори” ва қолган самолётлар ҳам белгиланган жадвал асосида қуриб битказилиши биланоқ етказилади.

Америка матбуоти маълумотларига кўра, Ироқ АҚШдан умумий 36та F-16 самолётини сотиб олишни режалаштирган. Бироқ уларнинг етказиб берилиши жуда чўзилиб кетди ва шу сабабдан Ироқ ҳукумати бир неча бор ўз норозилигини билдирган.