Россия бош вазири Дмитрий Медведев мансабдор шахсларга нархи 2,5 млн рублдан қимматроқ, қуввати 200 от кучидан ортиқроқ машиналардан фойдаланишни тақиқлаб қўйди, деб айтилмоқда 7 сентябрда чоп этилган ҳукуматнинг 927-сонли қарорида

Ҳужжатда тақиқлов 2016 йилдан кучга кириши айтилган. Медведев Молия вазирлиги томонидан тайёрланган тегишли ҳужжатни 2 сентябрда имзолаган эди.
Енгил автомобиллардан ташқари смартфонлар учун ҳам чекловчи нарх белгиланди.
Эндиликда ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари 15 минг рублдан қимматроқ смартфонлар тута олишмайди.

Хабарда, шунингдек, қимматбаҳо, теридан ишланган мебеллардан фақатгина юқори бўғиндаги мансабдор шахсларгина фойдалана олишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.
Шунингдек, тақиқлов киритилиши мумкин бўлган маҳсулотлар орасида компьютерлар, ноутбуклар, планшетлар, принтерлар, юк машиналари ва автобуслар ҳам санаб ўтилган бўлиб, уларга шартлар федерал давлат муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланиши мумкин.