Россиялик публицистнинг сўзлари ўзбекистонлик журналистларнинг норозилигига сабаб бўлди

Жаҳон 07 Сентябрь 2015 11311

Россиялик ёзувчи ва публицист Александр Прохановнинг “Завтра” газетасида чоп этилган “Бошқарилувчи хаос” номли мақоласи ўзбекистонлик журналист Чўлпон Хаматовнинг норозилигига сабаб бўлди.

Унинг жавоб мақоласи “Новости Узбекистана” нашрида эълон қилинди.
Асосан Яқин Шарқдаги вазият, Европа Иттифоқи дуч келган миграцион инқирозга бағишланган мақолада Проханов Ўрта Осиё давлатларига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг фикрича, Ўрта Осиё минтақасининг давлатларини ларзага келтираётган ғалаёнлар ва инқирозлар Россияга таҳдид солиши, бу ерга ҳам, Европада бўлгани сингари, қочқинлар оқимини олиб келиши мумкин.
“Россияга яқинида, Ўрта Осиёнинг кенг ҳудудларида секинлаштирилган портловчи омиллар бор, улар кўп жиҳатдан амалга ошмаган маҳаллий давлатларни оёққа кўтариши мумкин, - деб ёзади россиялик публицист. – Исён вақирлаб қайнаётган Фарғона. Яқинда исён бостирилган Қозоғистондаги Ўзан.

Яқинда содир бўлган инқилоб оқибатларини бартараф қила олмаган Қирғизистон. Кўлоб авлодининг беқарор бошқарувидаги Тожикистон. Бу ҳудудлар кўз очиб юмгунча портлаши мумкин. Ва бу ғалаёнларнинг портлаш зарби, Ўрта Осиё хаоси тўлқини шимолга, Россияга, тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сураётган фаровон ерларга ёпирилади”.
“Қанақасига Қозоғистон ва Ўзбекистонни амалга ошмаган давлатлар дейиш мумкин?”, - ҳайрон қолади ўзбекистонлик журналист.
Унинг фикрича, Ўзбекистондаги вазият Проханов ўйлаганидек эмас, аксинча, бу ерда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурмоқда.
Шунингдек, Хаматов ИШИД кучларининг минтақага кириб кела олишига ҳам катта шубҳа билан қаради. Бунга асосий омил сифатида Ўзбекистон армиясининг минтақада энг яхши тайёргарликка эгалиги, Қирғизистон ёки Тожикистонга ҳужум уюштирилган тақдирда эса КХШТ механизмларининг ишга туширилиши айтиб ўтилди.

Проханов Москвага гўёки Лужков томонидан “киритилган” миллионлаб озарбайжонликлар ва Ўрта Осиё республикалари вакилларини “бегоналар” (чужеземцы) деб атагани ҳам ўзбекистонлик муаллифнинг ғазабини қўзғади.
“Буниси энди истерика эмас, очиқчасига миллатчиликдир, бунинг учун жаноб Прохановни 1937 йили ўн йилга Колимага юборишар эди. Собиқ совет республикалари халқини бегоналар деб аташ собиқ байналмилалчи ва коммунист учун кутилмаган ҳолат”, - деб ёзади у.

“Россиядаги озарбайжонликлар ҳақида ҳеч нарса демайди – билмайман. Лекин бизнинг ватандошларимизга келсак, улар у ерда ўта оғир шароитларда қурувчилар, юк ташувчилар, фаррошлар, идиш-товоқ ювувчилар сифатида меҳнат қилмоқда. Россиялик экспертларнинг таъкидлашича, бундай ишларга россияликларнинг ўзларини жалб қилиш қийин. Қанақа пул ва давлат, қанақа қулай яшаш шароити? Худо сизга бундай пул ва яшаш шароитин кўрсатмасин, Александр Андреевич!”, - қўшимча қилади Хаматов.

Муаллиф: Элдор Асанов

Кўпроқ янгиликлар