“Роснефть” раҳбари Игорь Сечин Россияда нефть қазиб олишнинг йиллик ҳажми 526,7 млн тоннадан 700 млн тоннага қадар оширилишини маълум қилди. У Россияни улкан нефть потенциалига эга мамлакатлардан бири эканини таъкидлаб ўтди.

Сингапурда бўлиб ўтаётган FT Commodities конференцияси чоғида Сечин “Роснефть” нефть билан бирга газ қазиб олиш ҳажмини ҳам ошириш режасида эканини айтиб ўтди.

2014 йил якунларига кўра, Россияда нефть қазиб олиш ҳажми йилига 526,7 млн тоннани ташкил этган эди. Россия Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги башоратига кўра, 2015 йилда бу кўрсаткич 530,5 млн тоннани ташкил этади.

Конференцияда сўзга чиққан Сечин Россия нефть соҳасида Венесуэла ва Эрон билан бир қаторда турувчи жиддий истиқболларли эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, муқобил энергия манбалари ривожланишидаги ўсишларга қарамасдан, уларнинг нефть маҳсулотлари ўрнини босишига ҳали анча вақт бор.