Тошкентлик қаллоб аёл дугонасини Малайзияга олиб бориб, 6 минг долларга сотиб юборди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар берди.
Наталья Валентиновна исмли қиз пулдан қийналиб қолиб, дугонаси Олеся Борисовага мурожаат қилган. У қизни Малайзияга ишга юборишини, у ерда Наталья барда рақсга тушиб, ойига 3 минг доллар маош олишини айтган. Бундай шартларни эшитиб, Наталья тезда Олесянинг таклифига кўнган.

Лекин Куала-Лумпурга келгач, Борисова дугонасига нисбатан қўпол муносабатда бўла бошлаган. Дастлаб унинг паспортини тортиб олган, сўнг Алихон исмли эркакка 6 минг долларга сотиб юборган. Алихон Валентиновани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган. Бу ҳолат 3 ой давом этган.
Ниҳоят, ўзи ҳам мусофир бўлган бир хорижлик инсон қизга раҳм қилиб, уни Ўзбекистон элчихонасига олиб келиб қўйган. Валентинова Ўзбекистонга қайтариб юборилган. Унинг гувоҳлиги асосида Борисова қўлга олиниб, жазога тортилган.