Neimeyer Milk Transfer компаниясининг сут ташувчи цистернали юк машинасининг 58 ёшли ҳайдовчиси АҚШнинг Пенсильвания штатида жойлашган Эрмитаж шаҳридаги юз берган йирик йўл-транспорт ҳодисасининг сабабчисига айланди

У рулда газли ичимлик ичиб кетаётганда тиқилиб қолиб, йўтал тутиб қолиши оқибатида машина бошқарувини қўлдан чиқарган. Натижада автоцистерна йўл четидаги тўсиққа бориб урилган ҳамда йўл чироғи устуни ва дарахтга урилиб, уларни қулатиб, ўт билан қопланган қиялик бўйича 150 метрлик из қолдириб, Buick-GMC-Cadillac автосалони автомобиллар турар жойига чиқиб кетган ва бу ердаги 23 та янги автомобилни уриб юборган.

Автомобиллардан бири зарбадан автосалоннинг савдо зали ичига учиб кириб кетган.
Воқеа жойига етиб келган полициячилар ҳайдовчи ҳаттоки машинани тўхтатишга ҳаракат қилмаганини қайд қилишди. Ҳозирча унга штат қонунларига кўра автомобилни хавфли бошқаргани учун 200 доллар жарима солиниши мумкин.

Бироқ якуний жарима суммаси ҳозирда шикастланган мол-мулк эгаси ва суғурта компаниялари ҳисоб-китоб қилаётган зиён миқдори аниқлангандан кейин маълум бўлади.