Чехиянинг энг шимолий шаҳри Шлукновда юк машинаси йўловчи поезди билан тўқнашиб кетди, деб ёзмоқда Denik нашри.

Нохуш воқеа оқибатида 4 киши, жумладан юк машинаси ҳайдовчиси жиддий жароҳат олди. Жароҳатланганлар тиббий вертолёт ёрдамида шифохонага етказилди. Иккита вагондан иборат йўловчи поездида умумий ҳисобда 15 киши бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, шағал тош ортилган DAF русумидаги юк машинаси шлагбауми бўлмаган темир йўл кесишмасига тақиқловчи сигналда чиқиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси поездлар ҳаракатланиш жадвалини издан чиқарди, поездлар ўрнига автобуслар жўнатилди. Юк машинасини рельслардан олиш учун юқори оғирликдаги юк кўтарувчи мобиль крандан фойдаланилди.

Воқеа мутахассислар томонидан тергов қилинмоқда. Кўрилган зиён 13,5 млн чех кронасига (тахминан 500 минг доллар атрофида) баҳоланмоқда.