Google, Apple ва Microsoft сингари АҚШ технология компаниялари мамлакат Адлия вазирлиги ҳамда Федерал қидирув бюроси (ФҚБ)нинг фойдаланувчилар хабарларини ўқишга рухсат сўраб қилган кўплаб мурожаатларини рад этиб келмоқда. Бу ҳақда душанба, 7 сентябрь куни New York Times газетасининг электрон шаклида эълон қилинган.

Газета ахборот манбасининг сўзларига кўра, Америка ҳукумати сўнгги ойларда мунтазам равишда юқоридаги ва бошқа компанияларга ўзларига фуқаролар электрон хизматлар орқали юборган хабарларини тақдим этишни сўраб мурожаат қилиб келган. Қоидага биноан, мазкур сўровлар фойдаланувчилар устидан олиб борилаётган тергов жараёнлари сабаб қилиб кўрсатилган.

Нашрнинг қайд этишича, адлия вазирлиги гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси бўйича гумон қилинаётган шахслар iPhone смартфонлари орқали алмашган хабарларни Apple компанияси тақдим этиши тўғрисидаги суд қарорини қабул қилиб олган. Apple эса жавоб тариқасида iMessage хабар жўнатиш хизмати шифрланган ахборотлардан фойдаланиши ва шунинг учун “компания суд қарорига бўйсуна олмаслигини” маълум қилган.

Мақолада Адлия вазирлиги айни пайтда суд тартиби асосида Microsoft`дан ҳам унинг компьютерларидан бирида сақланаётган маълумотларни қўлга киритишга уринаётгани келтириб ўтилган.

“Apple ва Microsoft билан боғлиқ можаролар Америка махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сонуден томонидан кўплаб маълумотлар фош қилинганидан сўнг технология корпорациялар ҳукуматга қаршилик кўрсатиб, ўз мижозлари ахборотларини ҳимоя қилишга ўтганини кўрсатмоқда”, дейилади мақолада.

Нашрнинг мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбасининг қайд этишича, АҚШ Молия вазирлиги ва ФҚБ ходимлари Оқ уй мазкур масалага ҳали-ҳамон аралашмаётгани ва компанияларни зарур маълумотларни ошкор қилишга ундамаётганидан ранжимоқда.