Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги Москва темирйўл бекатида 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси полициячига пичоқ билан ҳамла қилгани учун ҳибсга олинди. У полициячига ўзидан ҳужжат сўралаётган вақтда пичоқ билан зарба берган.

Айни вақтда жабрланувчи шифохонага ётқизилган, унинг ҳаётига жиддий хавф йўқлиги айтилган.

Жиноятчига эса умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Агар жабрланувчи даъво қилмаса, уни Ўзбекистонга қайтариб юбориш билангина чекланиш ҳам мумкин.

Бу ҳодиса маҳаллий телеканаллардан бирида атрофлича ёритилган.

Журналист шу шаҳарда 15 йилдан буён яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор билан гаплашган.

Шу шаҳар аҳолисининг севимли жойларидан бирига айланган кафе эгаси Халил Шодмоновнинг айтишича, 15 йилдан буён бу шаҳарда ўзбекистонликлар билан бундай воқеа кузатилмаганди. У бу ватандошининг қилмишидан хафалиги, у бу қилмиши орқали бошқа ватандошларини уятга қўйганини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, Россияда қонуний асосда фаолият кўрсатган одам муаммоларга дуч келмайди.