Тошкентда футбол бўйича қизлар ўртасида “Яшил майдон маликалари” мусобақасининг республика финал босқичи бошланди. Бу ҳақда УзА нашри хабар берган.

Ўзбекистон президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон футбол федерацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақанинг қуйи босқичларида жами минг нафардан ортиқ ҳаваскор иштирок этди. Республика финал босқичида энг кучли тўрт жамоа ғолиблик учун баҳслашмоқда. 

Мазкур мусобақадан кўзланган мақсад – қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда аёллар футболини янада оммалаштириш, ҳаваскор спортчиларнинг тажриба ва маҳоратини оширишдан иборат ҳисобланади. 

Мусобақанинг дастлабки ярим финал учрашувида Тошкент вилояти жамоаси Қашқадарё вилояти вакилларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Иккинчи ярим финал учрашувида Фарғона ва Хоразм вилоятлари жамоалари майдонга тушди. Қизғин ва муросасиз ўтган баҳснинг асосий қисмида ҳисоб очилмади. Пенальтилар баҳсида водийлик қизлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

“Бундай спорт мусобақалари тенгдошларимиз билан дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради. Илк учрашувда муҳим ғалабага эришдик. Жамоамиздаги руҳий тайёргарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ғалабага бўлган ишонч бизни юксак марра томон етаклайди”, – дейди Тошкент вилояти жамоаси аъзоси Мадина Абдуғаниева. 

Мусобақанинг финал учрашувида Тошкент ва Фарғона вилоятлари жамоалари ўзаро баҳслашади.