Украина молия вазири Наталья Яреськонинг ишонтиришича, йиллик 4 фоизлик ўсиш билан мамлакат 25 йил ичида Швейцария иқтисодиёти даражасига етиб олади. Бу ҳақда у ҳукумат йиғилиши чоғида баёнот берди.

Унинг сўзлари Халқаро валюта ташкилотининг башоратларига асосланади. Ташкилот мутахассисларининг фикрича, Украинада ўсиш бундан буён йилига 4 фоизни ташкил қилади.
Шунингдек, Яресько халқаро кредиторлар томонидан ташқи қарзларнинг реструктуризация қилиниши Украинага фойда келтиришини эътироф этди.

“Шу тариқа, биз учун ҳам, кредиторлар учун ҳам ғалабали вазият. Бу келишув туфайли Украина сезиларли молиявий енгиллик олади ва тезроқ барқарор иқтисодий ҳаётга қайта олади”, - унинг сўзларини келтиради “Украинская правда”.