Япония ҳукумати Ўзбекистон Республика онкология илмий марказининг замонавий рақамли маммографик қурилма билан таъминланишида кўмак кўрсатади. Шу муносабат билан ўтказиладиган тадбир 8 сентябрда бўлиб ўтади. 

Япониянинг машҳур Fujifilm Corporation компаниясининг 100 минг долларлик қурилмаси Япония ҳукуматининг “Кичик миқёсдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз кўмак” дастури доирасида етказиб берилади.

Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Фумихико Като, элчихона ходимлари, Fujifilm’нинг Туркиядги президенти Жун Хигучи ва бир қатор ходимлари иштирок этишади.

Япония элчихонаси матбуот хизматида таъкидланганидек, маммографик қурилмаларни етказиб бериш бўйича грант-шартнома 2015 йилнинг 11 мартида имзоланган эди.

Япония “Кичик миқёсдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз кўмак” дастури доирасида шифохоналар, ўрта таълим мактаблари ва бошқа ноҳукумат ва нотижорат ташкилотларига уларнинг ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда кўмак бериш мақсадида беғараз молиявий ёрдам кўрсатади.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда 1995 йилдан бошлаб умумий миқдори 23 млн 800 минг долларнни ташкил қиладиган 352 та лойиҳа амалга оширилган.