Бельгиянинг Гент шаҳри ҳокимияти “Жонли кўча” (Leefstraten) лойиҳаси доирасида шаҳар марказидаги автомобиллар учун ёпиқ бўлган бир нечта йўлларни боғлар ва дам олиш зоналарига айлантирди. Бу ҳақда CoExist нашри маълум қилди.

Авваллари машиналар қўйиш учун хизмат қилган Гентнинг 22та кўчаси май ойидан бошлаб 10 ҳафтага газонлар билан қопланган, тувакларда гуллар ва пикник учун столлар қўйиб чиқилган, болалар майдончалари барпо этилган кўчаларга айланган. Лойиҳа шаҳар маъмурияти Lab Van Troje шаҳар ечимлари ижодий лабораторияси билан ҳамкорлик қилишни бошлаган 2013 йилдаёқ ишга туширилган эди.

“Биз ғоянинг ўзи борлиқни ўзгартирмаслигини англадик. Уни ҳаётга татбиқ қилиш учун “Жонли кўча” каби аниқ тажрибаларни ишга туширдик ва бизнинг келажак шаҳри ҳақидаги орзуларимизни бугундаёқ рўёбга чиқаришга қарор қилдик”, деб айтди Lab Van Troje студияси вакили.

Кўпчилик шаҳарликлар лойиҳада кўнгиллилар сифатида иштирок этишди ва ўз кўчаларига ўзгача тус беришда ёрдам беришди. Қўшнилар шу баҳона тез-тез учрашиб, яқинлашиб кетишан.

Тажриба шунингдек, уларга автомобилларсиз ҳаётни баҳолаш имконини берди ва оқибатда баъзи шаҳарликлар яқин орада автомобиллар тураргоҳини қидириб топишди, баъзилар эса онгли равишда ўз машиналарини Гентнинг марказий қисмидан ташқарида қолдирди. Ўз автомобилидан икки-уч ойга воз кечишга қарор қилганлар ҳам топилди.

Лойиҳа ташкилотчилари унинг асосий стратегик масалаларидан бирини шаҳар аҳолисининг кундалик турмушини, автомобиллар тураргоҳларини болалар учун сирпанчиқлар, ўриндиқлар ва пикниклар учун ҳудудларга айлантириб, автомобиллардан холи бўлган ҳудудга айлантириш имкониятида кўришмоқда.

Гент шаҳри аҳолиси маълум муддатга ўз автомобилларидан фойдаланмасликка қарор қилган ягона шаҳар эмас. Шунга ўхшаш лойиҳа Жанубий Кореяда амалга оширилган эди ва 2015 йилнинг кузида Жанубий Африкада ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.