Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 27 август куни Кобулга уюштирган расмий сафари чоғида ушбу мамлакатдаги этник туркманлар масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Бердимуҳамедов Кобулда афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани Аҳмадзай билан музокаралар ўтказди, учрашув доирасида икки ўртада 15та меморандум имзоланди.
Афғонистон туркманлари делегацияси Бердимуҳамедов билан Кобулда учрашиб, унга бу ердаги диаспоранинг вазияти ҳақида ахборот беришга муваффақ бўлди. Бердимуҳамедов Туркманистон ҳукумати ушбу мамлакатдаги этник туркманларга кўмак кўрсатишда давом этишини айди. Бунинг тасдиғи сифатида Ҳиротнинг туркманлар яшайдиган Турғунди туманида 20 ўринли туғруқхонанинг Туркманистон ҳукумати томонидан қуриб берилишини келтирди.

“Бизни айниқса Туркманистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 500 мВт га етказиши қувонтирди”, - деди Туркманистон делегацияси вакили, учрашув иштирокчиси Ғулом Расул Қодирёр “Чор тарафдан” радиосига берган интервьюсида.

Афғонистонда бугунги кунда 1 млн га яқин этник туркман яшайди. Улар асосан Туркманистон билан чегара ҳудудларда, шунингдек, этник ўзбеклар билан аралаш ҳолда шимолий вилоятларда истиқомат қилади. Шунингдек, мамлакат ичкарисида ҳам туркман жамоалари мавжуд. Туркманларнинг бир қисми бу ҳудудларга ўтган асрнинг биринчи ярмида совет ҳукуматидан ва фуқаролик урушидан қочиб келган, бир қисми эса қадимдан шу ҳудудларда яшаб келган.

Бугунги кунда этник туркманлар яшайдиган кўпгина ҳудудлар Толибон ва ИШИД жангариларининг хатти-ҳаракатлари туфайли ихтилоф алангасида қолмоқда. Туркман кўнгиллилари ўзбек, тожик ва ҳазора кўнгиллилари билан бирлашганча ўз уйларини ҳимоя қилишга интилмоқда, шу билан бирга, улар расмий Кобулнинг ва Туркманистоннинг ёрдамидан умид қилмоқда.

Муаллиф: Элдор Асанов