Чеченистон Олий суди Шимолий Кавказда фаолият юритган жиноий гуруҳнинг аъзоси Саломбек Бачаевни 2001 йилда Россия федерал кучлари ҳарбийларини ўлдиргани учун 16 йилга озодликдан маҳрум этди, деб хабар бермоқда “Интерфакс” ахборот агентлиги.

“Бачаев Маазов, Нагалиев ва Ималиев исмли шахслар билан тил бириктирган ҳолда қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларни ўғирлаш мақсадида 2001 йил 1 мартда Наур тумани Новое Солкушино қишлоғи яқинида Жидков, Ерусланов ва Воронцов исмли ҳарбийларни ўлдирган”, деб айтилди судда.

Қотилликдан сўнг воқеа жойидан қўл пулемёти ва АКС-74 Калашников автомати, ствол остига ўрнатиладиган гранатомёт ва ўқ-дорилар ўғирланган. Жиноятчилар ҳарбийларнинг жасадларини кўмиб, ўғирланган қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларни маҳаллий боғда беркитиб қўйишган. Ҳукм чиқарувчилар ҳайъати бир овоздан Бачаевни айбловнинг барча бандлари бўйича айбдор деб топдилар.