Гана спорт вазири Африка миллатлар кубоги саралаш босқичи доирасидаги Руандага қарши учрашувга ёнида 200 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул билан ташриф буюрган. Бу ҳақда Joy Online нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, бунга «қора юлдузлар»нинг Руандага қарши учрашув олдидан мукофот пули берилмагани учун норози бўлган ҳолда ўйинни барбод қилиш мумкинлиги хавфи сабаб бўлган.

Натижада мазкур маблағ ҳар бир футболчига 10 минг доллар кўринишида бўлиб берилган. Қайд қилинишича, мазкур мукофот Маврикий устидан қозонилган ғалаба учун ваъда қилинган мукофот пуллари бўлган. Терма жамоа Руанда устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган, ягона гол Мубарак Вакасо ҳисобига ёзилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ЖЧ-2014 пайтида ҳам Гана терма жамоаси футболчилари мукофот пуллари берилмаса, иш ташлаш эълон қилишларини билдириб таҳдид қилишганди.