Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати” давлат унитар корхонаси бошлиғи Ёрмуҳаммад Саидмуродов порахўрликда айбланиб қамалди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, у тумандаги Оқчуроғоси қишлоғида истиқомат қилувчи Шерзод Жўрақуловдан 6 сотих ер учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 500 минг сўм сўраган. Жўрақулов бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилган, натижада Саидмуродов пора олаётганда жиноят устида қўлга тушган.
Суд ҳукми билан у 8 йил 6 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Саидмуродов кадастр хизмати бошлиғи лавозимини 10 йил давомида эгаллаб келган.