McDonald's тез тамаддихоналар тармоғи қафасларда боқиладиган товуқларнинг тухумидан воз кечишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри маълум қилди. 

Компания йилига 2 млрд дона тухум ишлатади. Бу миқдор АҚШда олинадиган 43,56 млрд тухумдан 4 фоизни ташкил қилади. Ўтган ҳафтада McDonald's нонуштада тортиладиган таомларни кун бўйи сотишини маълум қилгандан кейин янада кўпроқ ҳажмда тухум ишлатилиши кутилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, “озодликда боқиладиган товуқлар” АҚШдаги барча товуқларнинг 10 фоизини ташкил қилади ва бу McDonald's’нинг мақсадларини 10 йилларга чўзиб юбориши мумкин. “Озодликда боқиладиган товуқлар” деганда кўп қаватли тизимга эга атрофи ўралган катта майдонларда эркин ҳолда боқиладиган ва ўтлайдиган товуқ ва жўжалар тушунилади.

Бу товуқлар тухумлари нархи тутқунликдаги товуқларникидан қимматроқ туради. Бироқ бундай тухумларнинг нархи парранда гриппи эпидемияси натижасида бошқа тухумлардан кўра камроқ қимматлашди.