Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров Қуръони каримнинг айрим сураларини экстремизмга алоқадор деб топган Жанубий Сахалинск судяси Наталя Перченкони миллий душман деб атади.

Республика президенти топшириғи билан мазкур қарорнинг бекор қилиниши юзасидан аппеляцион ариза тайёрланди. Бу ҳақда Қодировнинг ўзи ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

“Мазкур қарорни қабул қилганлар (судя Наталья Перченко ва прокурор Татяна Билобровец) — миллий душман ва шайтонлардир, – деди Қодиров. – Мен мазкур суд қарорини қабул қилиб, бизнинг мамлакатимиздаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган ташвиқотчилар учун қаттиқ жазо қўлланилишини талаб қиламан”, – деди Чеченистон раҳбари.

Аввалроқ Россиянинг Жанубий Сахалинск судяси Наталя Перченко прокурор Билобровца талаби билан Қуръони каримнинг “Фотиҳа”, “Жин” сураларидаги айрим оятларни экстремизмга алоқадор деб топган эди.