Қозоғистонда полициячи ўз тўйи куни ишидан бўшатилди

Жамият 09 Сентябрь 2015 6693

Қозоғистоннинг Жезқазған шаҳри ички ишлар бошқармаси йўл-патруль полициячиси ўзининг тўйи куни ўз лавозимидан бўшатилди. Бунга ИИБ полициячи тўйидаги тўй кортежи йўл қоидаларини бузиб, қолган автомобиллар ҳаракатланишига халақит берганидан дарак топгани сабаб бўлган. Бундан хабар топган ИИБ раҳбарияти куёвнинг ҳуқуқ-тартибот муассасаларидан бўшатилиши ҳақида буйруқ берди, деб хабар бермоқда Қарағанда вилоят судига иқтибос келтирган ҳолда nur.kz мухбири.

6 августда турнақатор автомобиллардан ташкил топган тўй кортежи йўлнинг уч полосасини эгаллаб, у ердан-бу ерга “илон изи” бўлиб ҳаракатланиб, йўл ҳаракатининг қолган иштирокчиларига халақит берган. Буни кўрган полициячилар кортеж ҳайдовчиларини тўхтатиб, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолати бўйича бирйўла учта далолатнома тузишган. Улар ўзларининг ҳамкасблари Қайрат Маликаждар уйланаётганидан хабар топгач ҳам таниш-билишчилик қилиб ўтиришмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан раҳбариятга маълумот берилди. Йўл-патруль хизмати раҳбарияти ўша куннинг ўзида хизмат терговини ўтказиб, ўз қўл остидаги ходимни “хизмат интизомини жиддий бузгани учун” ишдан бўшатишга қарор қилди.

Куёв ишдан бўшатилганини тўйидан кейин билди. “Менинг айбим нима? Ахир мен ҳайдовчи эмасдимку. Ҳайдовчи қонунни бузса, йўловчи бунга жазоланмайдику”, деб ушбу вазиятдан ҳайратланди куёв.

Ўзини жабрдийда ҳисобланаётган полициячи ушбу ҳолат юзасидан шаҳар судига даъво аризаси топширди ва ўз раҳбарияти қарорининг бекор қилиниши ва аввалги иш жойида тикланишини талаб қилди. Суд ҳаками даъво аризасини қондирди ва собиқ полициячининг аввалги иш жойида тикланиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди.

Бироқ ИИБ раҳбарияти Қарағанда судига қарши даъво аризаси топширди. Апелляцион ҳайъат ходимнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги қарорни қонуний деб топди, чунки суднинг фикрича, полициячи йўл қоидасини бузаётган ҳайдовчиларга танбеҳ бериши лозим эди.

Кўпроқ янгиликлар