Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи, 4-тури доирасидаги Филиппин – Ўзбекистон (1:5) ўйини якунлангач, матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бугун мухлисларимизга ёқадиган, ажойиб ўйин бўлди. Натижа — менимча, адолатли. У ўйинга тўла мос бўлди”, — дея сўз бошлади Самвел Бабаян.

Унинг фикрича, рақиб ҳисобдаги катта фақрга қарамай, Филиппин тартибли ва яхши ижрочиларга эга бўлган жамоа. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи фикрича қайд этилган натижа ўйинга мос бўлди.

“Бугун биз жуда жиддий рақибга қарши ўйинда майдонга тушдик. Ҳисобдаги катта фарқга қарамай, Филиппин терма жамоаси жуда тартибли ва яхши шаклланган жамоа. Ўйинда мураббийнинг имзоси сезилиб турибди ва яхши ижрочилар борлигини ҳам кўрдик. Бундай ҳисобни аввалдан ҳеч ким айта олмасди. Аммо, рақибни ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, бугун биз кучлироқ эдик ва ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди”, — дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.