Россиянинг Ғарб санкцияларига жавобан киритган озиқ-овқат эмбаргоси Россияда пишлоқ саноатининг қайта тикланишига ва дўконларда Россияда ишлаб чиқарилган турли пишлоқ турлари – Волгоград фетаси, Тверь моцарелласи ва Краснодар камамберининг пайдо бўлишига олиб келди, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

“Санкцияларнинг салбий оқибатлари яққол кўриниб турибди. Россияда Европа ва бошқа давлатлардан олиб келинаётган санкцион маҳсулотларнинг йўқ қилиниши аҳолининг 16 фоизи расмий ночорлик чизиғидан пастда яшайдиган мамлакатни карахт ҳолга солмоқда. Яна бир салбий томони шундаки, эмбарго Россияга 2,3 млрд евролик маҳсулот етказиб берган Европа сут бозорининг қулашига олиб келди ва бу Европада норозиликлар келтириб чиқарди. Бироқ бу қарорда ҳукуматнинг чораларини рағбатлантирувчи қандай ижобий натижалар мавжуд?”, деб қизиқмоқда нашр.

Нашр ўз саволига жавоб тариқасида Россия сут ишлаб чиқарувчилари миллий уюшмаси раҳбари Андрей Даниленконинг озиқ-овқат эмбаргоси “россиялик пишлоқ ишлаб чиқарувчилар учун бир ютум тоза ҳаводек” бўлгани ҳақидаги сўзларини келтириб ўтди.

Даниленконинг айтишича, пишлоқ пиширувчилар узоқ вақт зўрға кун кечириб келганлар ва хорижий пишлоқлар билан рақобатлаша олмаганлар.

“Россиялик истеъмолчи Россияда сифатли пишлоқ ишлаб чиқарилишига ишонмайди, улар Италия ва Францияда ишлаб чиқарилган пишлоқларни афзал кўрадилар”, деб шикоят қилиб ўтди Даниленко.