2015 йилнинг 8 сентябрида Тошкент шаҳар ҳокимининг "2015-2016 йиллар қиш мавсумини беталофат ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини якунлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 159-Ф сонли фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Ушбу фармойиш асосида Тошкент шаҳрида 2015 йил баҳор ойида буён давом этиб келаётган кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш ҳамда ҳудудларнинг санитар ҳолатини яхшилаш, хазонрезги мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича жорий йил 10 сентябрдан 10 октябргача сафарбарлик эълон қилинди.

Бунда ҳар йилгидан фарқли равишда, ҳар бир маҳаллада округ раҳбари, маҳалла оқсоқоли, тегишли хусусий уй-жой ширкатлари ва ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари вакиллари ҳамкорлигида гуруҳлар тузилиб, кўп қаватли уй-жой фонди ҳамда ижтимоий соҳа объектлари ҳолати яна бир бор ўрганиб чиқилиб, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида мавжуд муаммо ва камчиликлар жорий йилнинг 10 октябрига қадар бартараф этилади. Кўп қаватли уй-жойларнинг том ва ертўла қисмлари, кириш йўлаклари ҳолати, ижтимоий соҳа объектларида иссиқликни сақлаш бўйича аҳвол жамоатчилик комиссиялари томонидан жойида кўриб чиқилиб, жамоатчилик далолатномалари расмийлаштирилади.

Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва туман ҳокимликлари томонидан юзага келган авариявий узилишларни бартараф этиш учун жалб қилинадиган бригадалар зарур транспорт воситалари, механизм ва жиҳозлар, захира материаллар билан таъминланади.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолисига мурожаат қилиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф қилиш учун "1055" рақамли марказий диспетчерлик хизмати ёки туман ҳокимликларида ташкил этилган:

Бектемир тумани – 295-25-20, 295-02-88;
Миробод тумани – 233-48-67;
Мирзо Улуғбек тумани – 268-02-54, 268-34-50;
Олмазор тумани – 227-12-28;
Сергели тумани – 251-58-67;
Учтепа тумани – 274-16-76, 274-16-79;
Чилонзор тумани – 273-84-60, 273-84-82;
Шайхонтоҳур тумани – 242-71-97, 241-91-32;
Юнусобод тумани – 234-74-65;
Яккасарой тумани – 255-74-07;
Яшнобод тумани – 291-05-06 туман штабларига маълум қилиши сўралди.

Шунингдек, қиш мавсумининг беталофат ўтишида истеъмолчиларнинг кўрсатилган хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлашлари муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.