2015 йил 8 сентябрда Тошкент шаҳри ҳокимининг 159-Ф-сонли “2015-2016 йилларда кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш ва уни авариясиз ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу фармонда кўп қаватли турар-жой фонди ва ижтимоий объектларни 2015-2016 йиллардаги кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларини якунлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Фармондан асосий мақсад кўп қаватли турар-жой фонди ва ижтимоий объектларни кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларини якунлаш, кузги хазонрезлик мавсумига тайёргарлик кўришдан иборат. Шу муносабат билан 10 сентябрдан 10 октябргача барча коммунал хизматлар кучлари сафарбар қилинади.

Ушбу мақсадларда округлар ва ижтимоий объектлар раҳбарлари, маҳалла қўмиталари раислари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал хизматлар вакиллари иштирокида қўшма ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Ишчи гуруҳларнинг вазифаси турар-жой ва ижтимоий объектлар ҳолатини қўшимча ўрганишни ўтказишдан ва 10 октябргача бўлган даврда аниқланган камчиликлар ва фуқароларнинг мурожаатларини ҳисобга олган ҳолда муаммоларни бартараф этишни таъминлашдан иборат.

Ишчи комиссиялар томонидан жойларда томлар, ертўлалар, подъездлар ва иссиқлик таъминоти тизимлари ҳолати кўриб чиқилади.

Тошкент шаҳри ҳокимияти ахборот хизматининг маълум қилишича, коммунал хизматларга тўловларни амалга оширмаслик қишки мавсумга тайёргарликда маблағларнинг етишмаслигига бевосита таъсир қилади. Қишки мавсум учун газ тармоқларини ўз вақтида сифатли тайёрлаш мақсадида барча истеъмолчилар, айниқса ҳовли-жойларда яшовчи аҳоли истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорликни ўз вақтида амалга оширишлари илтимос қилинди.

Тошкент аҳолиси аниқланган камчиликлар ёки ўзлари яшайдиган турар жойларда тайёргарлик ишлари ўтказилмагани ҳамда коммунал хизматлар билан юзага келган муаммолар бўйича Марказий авария диспетчерлиги хизмати “1055” ёки туман ҳокимиятларидаги штабларга мурожаат қилишлари мумкин:
Миродоб тумани — 233-48-67;
Мирзо Улуғбек тумани — 268-02-54, 268-34-50;
Олмазор тумани — 227-12-28;
Сирғали тумани — 251-58-67;
Учтепа тумани — 274-16-76, 274-16-79;
Чиланзор тумани — 273-84-60, 273-84-82;
Шайҳонтохур тумани – 242-71-97, 241-91-32;
Юнусобод тумани — 234-74-65;
Яккасарой тумани — 255-74-07;
Яшнобод тумани — 291-05-06.