8 сентябрь куни Венгриядаги маҳаллий телеканаллардан бирининг ходими мамлакатнинг Сербия билан чегарасидаги Рожке қишлоғи яқинида полициядан қочаётган муҳожирлардан бирини тепиб йиқитгани лавҳаси жамоатчиликнинг норозилигини келтириб чиқарганидан сўнг ишдан бўшатилди.

Интернетга жойлаштирилган тасвирдан кўринадики, камера кўтарган тележурналист кичик ёшли қизчасини кўтариб чопаётган муҳожирдан ташқари яна бир неча кишига оёғи билан зарба берган.

Бу вазиятда Яқин Шарқдан келган муҳожирлар ортга қайтариб юборилишларидан қўрққан ҳолда полициячилар қўлига тушмаслик учун турли томонга тарқалаётган эди.

Унинг бу ҳаракати бошқа ҳамкасблари томонидан кескин қоралаб чиқилган. Хусусан, у ишлайдиган N1TV ва Nemzeti TV телеканаллари журналист ўзини ўта номуносиб тутганини таъкидлаган. Натижада, исми шарифи Петру Ласло бўлган бу журналист ишдан бўшатиб юборилган.

Унинг ўзи бу ҳаракатига ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Маълум қилинишича, N1TV телеканали Венгриядаги миллатчилик кайфиятини ифодаловчи телеканаллардан бири ҳисобланади. Бу телеканалда ҳар ҳафтада бир марта ультрамиллатчи "Йоббик" партияси раҳбари Габор Вони бошловчилигидаги ток-шоу эфирга узатилади.