Гиннесснинг рекордлари китоби янги нашрида жониворлар қайд этган рекорд натижалар ҳақидаги маълумотлар киритилди. Тўплам муаллифларининг таъкидлашича, бир йилдан зиёдроқ вақт мобайнида бўлғуси рекордчиларнинг натижалари ўрганилди. Guinness World Records сайтида маълум қилинишича, 2016 йилги нашрда айнан жониворлар барча рекордчилардан ўзиб кетишди.

Хусусан, нашр Пурин лақабли япон футболчи кучуги тўғрисида маълум қилди. Жонивор “Кучук бир дақиқада ўз панжалари ёрдамида узатилган коптокларни тутиб қолиш” йўналишида рекорд натижа қайд этди. Пурин ўзининг рекордини янгилади. Ўтган сафар у 11та тўпни ушлаб қолган бўлса, бу сафар 14тага етди.

Экспертлар, шунингдек, энг тез югурувчи тошбақани ҳам излаб топишди. У британиялик Берти бўлиб чиқди. Берти олти дақиқада 100 метр ёки соатига 0,6 мил (қарийб 966 метр) масофани босиб ўтди.

АҚШдаги Франческа ангор қуёни эса “Қуёнлардаги энг узун юнг” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Унинг юнглари 36,5 см ни ташкил этди.

Гиннеснинг рекордлар китоби бош муҳаррири Крэйг Глендейнинг маълум қилишича, жониворлар эришган муваффақиятлар энг оммавий мавзулардан бўлиб, ўқувчилар уларни доимо сабрсизлик билан кутишади.