АҚШ адлия вазирлиги Россия миллий валютаси – рублни у билан боғлиқ манипуляциялар тергов қилинадиган валюталар рўйхатига қўшди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Рўйхатдан, шунингдек, Аргентина песоси ва Бразилия реали ўрин олган. Улар билан боғлиқ барча шартномалар валюта манипуляцияси билан шуғулланган дунёнинг энг йирик банклари ўртасидаги ноқонуний келишув ҳақидаги иш доирасида суриштирилади.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг охирида JPMorgan Chase & Co., Barclays Plc, Royal Bank of Scotland Group Plc, Citigroup Inc. Ва UBS AG банклари шундай келишувда эканлиги фош этилди. Улар 5 млрд доллар миқдорида жарима тўлади.
Шу билан бирга, уларнинг ҳеч бири жавобгарликка тортилмай, ҳатто суд таъқибидан иммунитет олди. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Бу иммунитет эвазига келишувдаги банклар шундай манипуляциялар билан шуғулланувчи ўзларига рақиб банклар номини ошкор қилди. Бугунги кунда АҚШ адлия вазирлиги бу ахборотни ўрганиб чиқмоқда. Гумондорлар орасида Deutsche Bank ва Россиянинг бир қатор банклари борлиги айтилмоқда.