Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти Сурияда жангавор заҳарловчи моддалар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган ангарларнинг ярми йўқ қилинганини тасдиқлади. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Хавфсизлик кенгашига юборган мактубида маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

“Кимёвий қурол ишлаб чиқарувчи 12та объектнинг йўқ қилиниши борасида Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти 7та ангардан 4таси ва ер ости иншоотларининг йўқ қилинганини тасдиқлади. Хавфсизлик соҳасида мавжуд вазиятни эътиборга олган ҳолда мен қолган 3та ангарнинг йўқ қилинишида ҳам олғага силжишларни кутиб қоламан”, дейилмоқда ҳужжатда.

Ташкилотнинг бош директори Аҳмед Узумжунинг ҳисоботида Сурия ҳукумати яна бир ангарнинг йўқ қилингани ҳақида хабар берганини аниқлаштириб ўтди. Бироқ инспекция “техник ишлар сабабли ушланмоқда”. Қолган икки ангарга хавфсизлик муаммолари сабабли кириб бўлмаяпти.