Суриядаги можароларни бартараф этиш ва миллионлаб жабрланганларга кўмак кўрсатиш чоралари кучайтирилмаса, қочқин ва муҳожирлар оқимларининг оммавий тарзда Европага юзланиши оқибатида келиб чиққан инқироз “янада кучайиши” мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) тарқатган мурожаатда сўз боради.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Суриядаги можаролар сабаб 16 миллион киши “ҳаётини сақлаш ва ҳимоялаш”га муҳтож бўлмоқда. Уларнинг тенг ярми болалардир. Шаҳарларда яшовчи 5 миллион суриялик сўнгги вақтларда “узоқ муддат ва гоҳ-гоҳида режалаштирилган” тарзда ичимлик сувидан маҳрум қилинмоқда. Мамлакатдаги қарийб ярим шифохоналар ёки ўз ишини тўлиқ тўхтатган, ёки қисман фаолият кўрсатаяпти. БМТ маълумотига кўра, Суриядаги қарийб беш йилдан буён давом этиб келаётган қуролли можаролар бошланганидан буён 4 млн суриялик – уларнинг ярми болалардир – ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Айни пайтда Европада кун кечираётган қочқинларнинг аксарияти сурияликлардир.

“Мен билан суҳбатда бўлган барча сурияликлар ўзларини хавфсиз ва тинчликда сезганларида, уларга нисбатан муносиб муомалада бўлганларида, ватанида яшашни маъқул кўришини айтишди, – деди ЮНИСЕФнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Питер Салама. – Муҳожирлар ўз ҳаёти, фарзандларининг ҳаётидан хавфсираб Европага йўналмоқда, чунки уларда бошқа танлов йўқ ва ўзлари ҳамда фарзандларининг келажаги кўра олишмаяпти”.