2015 йил бошидан буён Ҳиндистоннинг марказий ва шимолий-ғарбий қисмида чўчқа гриппидан 2276 киши вафот этди, яна 38 минг киши хасталик юқтириб олган. Бу ҳақда Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Энг оғир вазият марказий Махараштра штатида кузатилмоқда. Ушбу ҳудадда январь ойидан бери 6,8 минг киши чўчқа гриппини орттириб олган бўлиб, уларнинг 600 нафардан зиёди вафот этди.

“Фақатгина сентябрь ойида 378та янги ҳолат кузатилди. 38 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди”, дейилади Миллий вирусология институти хабарида.

Ноқулай вазият қўшни Гужарот (6,6 мингдан зиёд бемор ва 450 ўлим), Ражастан (6,7 минг ва 436) ва Мадхя-Прадеш (қарийб 2,3 минг ва 381) штатларида ҳам қайд этилмоқда

Ҳукуматни ташвишга солаётган жиҳат шундаки, 36 фоиз вафот этганларда ҳеч қандай сурункали ёки инфекцион характердаги аломатлар кузатилмаган. Маҳаллий мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур ҳолатда чўчқа гриппининг янада ўзгарган шакли юзага келган. Шу билан бир қаторда, инфекция аҳолининг энг фаол қисмига раҳна солмоқда. 85 фоиз беморлар ва 61 фоиз вафот этганларнинг ёши 21-60 атрофидадир.