Ирландиянинг “Лонгфорд Таун” жамоаси футболчиси Пэт Флинн ўз жамоасининг ўйинини ёддан чиқариб, ўйин бўлиб ўтаётгани ҳақида жамоанинг расмий твиттеридан хабар топди. Бу ҳақда The Daily Mirror нашри маълум қилди.

Жамоа твиттерида Лейнстер вилояти кубогининг чоракфиналида “Шэмрок Роверз”га қарши учрашув ҳақида “ҳозирча ҳисоб очилмагани” ҳақида оддий хабар жойлаштирилди. Кутилмаганда бу хабар остида Флиннинг “Ҳазиллашяпсизми? Бугун учрашувимиз бормиди?” деган ёзуви пайдо бўлди. У тезда ўз хатосини тўғрилаб, “Мен йўлга отландим, йигитлар”, деб қўшимча қилиб қўйди.

Флиннинг бу хаёлпарастлиги унинг фаолиятига таъсир қилиши даргумон, чунки у жароҳати туфайли барибир майдонга туша олмасди. Бироқ бу ҳолат “Шэмрок Роверз” томонидан беэътибор қолмади: жамоа вакилларининг ўйинчи стадионга қачон етиб келиши ҳақидаги саволларига “15 дақиқада” дея жавоб олганларидан кейин, “Ҳаммаси тугаб бўлди Пэт. Биз ютдик” деб кинояли жавоб беришди.

Лекин бу ўйин “Лонгфорд Таун” жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ва жамоа кейинги босқичга чиққан.

“Лонгфорд Таун” жамоаси 1924 йилда ташкил топган бўлиб, уй майдони 6.5 минг кишини сиғдира оладиган “Фланкаре Парк” ҳисобланади. Айни пайтда жамоа Ирландиянинг 2-двизионида иштирок этади. Клубнинг бош ютуқлари унинг 2003 ва 2004 йиллардаги Ирландия кубогидаги ғалабалари ҳисобланади.