Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров россиялик ҳарбийларнинг Сурия ҳудудига жойлаштирилгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бу ҳақда РИА "Новости" хабар берган.

"Сурия ҳудудида ростдан ҳам россиялик ҳарбийлар мавжуд ва улар бир неча йиллардан буён Сурияда бўлиб туришибди. Уларнинг Сурияда бўлиши зарурати ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларга қарши курашаётган кучларни Россия қурол-яроғи билан таъминлаб туриш билан боғлиқ", дейди Лавров.

Унинг айтишича, россиялик мутахассислар Сурия аскарларига ҳарбий таълим бериш билан ҳам шуғулланишади.

Лавровнинг қайд этишича, Москва кейинги даврлар мобайнида ҳам Дамашққа ёрдам кўрсатишни давом эттиради.