Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хабар қилишича, 2030 йилга қадар Орол денгизининг қуриб қолган тубида экин майдонларини ҳимоя қилиш мақсадида ўрмонлар яратиш лойиҳасини амалга ошириш зарур. Шу мақсадда ҳар йили Орол денгизи тубида 40-50 минг гектар ҳудудга кўчатлар ўтқазиш режалаштирилмоқда.

Хабарда келтирилишича, экин майдонларини Орол тубидаги зарарли моддалар ва тузлар таъсиридан ҳимоялаш учун 2030 йилга қадар 1 млн гектардан зиёд майдонда ўрмон ҳосил қилиш лозим.

Қўмита маълумотларига кўра, 2019 йилга қадар Оролбўйи ҳудудида биологик хилма-хилликни сақлаш мақсадида умумий майдони 3,7 миллион гектарни ташкил этувчи 10та янги қўриқланувчи миллий боғ ташкил этилади, шунингдек, балиқ етиштирилувчи сув ҳавзалари ва кўллар майдони ҳам кенгайтирилади. РИА “Новости” тарқатган маълумотга кўра, мазкур тадбирлар қиймати 200 млн долларни ташкил этади.