Ўзбекистон Жанубий Корея ҳукумати томонидан инфекцион касалликларга қарши молиявий кўмак кўрсатиладиган мамлакатлар рўйхатидан ўрин олди.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе 2016 йилдан бошлаб 5 йил давомида дунёнинг 13 мамлакати (Гана, Эфиопия, Иордания, Камбожа, Лаос, Ўзбекистон, Перу, Сьерра-Леоне, Гвинея, Либерия, Конго Демократик Республикаси, Кот-д’Ивуар ва Мали)га инфекцион касалликларга қарши кураш олиб бориш учун 100 млн доллар ажратиш тўғрисида маълум қилди.

“Кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотлари инфекцион касалликлардан азият чекаётган мамлакатларни молиявий қўллаб-қувватлашни бошлаб юборган. Жанубий Корея ҳам мазкур глобал кучга қўшилади. Жанубий Корея мазкур мамлакатларда инсонларни инфекцион касалликлар хавфидан озод қилиш учун бор кучини сафарбар қилади, – дея президентнинг Сеулдаги Саломатлик хавфсизлиги бўйича глобал кун тартиби конференцияси доирасида иккинчи юқори даражали учрашув вақтидаги сўзларидан The Korean Times нашри иқтибос келтирди.

Саломатлик хавфсизлиги бўйича глобал кун тартиби конфераенцияси (GHSA) дунё даражасида инфекцион касалликлардан огоҳлантириш мақсадида ташкил этилган. Бундай касалликлар нафақат миллий даражадаги муаммо саналади, балки уларнинг бир давлат чегаралари билан чекланмаслигини MERS (Яқин Шарқ респиратор синдроми) ва Эбола (юқори контагиоз ўткир вирусли геморрагик иситма касаллиги) касалликлари тарқалганидан кўриш мумкин. Жанубий Корея GHSAнинг 44 аъзосидан бири ҳисобланади. Мазкур конференция аъзолари биринчи марта 2014 йилда Вашингтонда учрашган бўлса, иккинчиси 2015 йилнинг 7-9 сентябрь кунлари Сеулда бўлиб ўтди.