Ўзбекистонлик фармацевтлар нурланишга қарши ишлаб чиқилган янги дори воситасини хорижга чиқариш бўйича ҳамкор қидирмоқда.

Sputnik агентлигининг хабар қилишича, Тошкент фармацевтика институти ходимлари нурланиш касаллиги профилактикасига мўлжалланган Кобальт-30 радиопротекторини олиш технологиясини яратишди. Бу маълумотни илм-фан ва технологиялар ривожини мувофиқлаштириш қўмитаси тасдиқлади.
Янги маҳсулотни МДҲ давлатларидаги онкологик марказларга, шунингдек, атом электр станциялари бор давлатлар ва радиация даражаси юқори ҳудудларга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Янги воситани ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши нурланишдан ҳимоя қилувчи воситалар ассортиментини ошириш билан бирга хорижий муқобиллар импортини ҳам бир қадар туширади.