Ўзбекистон Россиядан тезкор ҳаракат учун рельслар сотиб олади

Ўзбекистон 10 Сентябрь 2015 2111

Россиянинг Новокузнецк шаҳридаги ЕВРАЗ компанияси Ўзбекистонга 25 метрли рельслар етказиб бериш ҳақида шартнома имзолади.

Мазкур рельслар мамлакатимизнинг икки йирик сайёҳлик шаҳарлари — Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги тезюрар поездлар ҳаракати учун мўлжалланган. Ўзбекистоннинг иссиқ об-ҳавоси инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқарилаётган кузнецк рельслари ўзига хос хусусиятлар ва таркибга эга.

ЕВРАЗ ЗСМК технологиялари бўйича рельс қуйиш цехи раҳбари ўринбосари Сергей Дорофеевнинг таъкидлашича, рельслар барча инқирозий шароитларга мос келиб, юқори ҳароратларда ҳам фойдаланишга ярайди.

“Рельслар ўзининг текис ва тўғри эканлиги, сифатли хом ашёдан тайёрлангани сабабли поезд таркибининг соатига 200 километрдан зиёд тезликда ҳаракатланишига имкон беради”, – деди Дорофеев.

Ҳамкорликнинг янги босқичида тезюрар темир йўллар учун мўлжалланган дастлабки 2 минг тонна рельслар жўнатишга шай ҳолда.

ЕВРАЗ — халқаро вертикаль-интегралланган металлургия ва тоғ-кон компанияси бўлиб, Россия Федерацияси, Украина, АҚШ, Канада, Чехия, Италия, Қозоғистон ва ЖАР активлари иштирокида ташкил этилган. Компания темир ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги йирик ташкилотлардан саналади.

Аввалроқ тезюрар поездлар ҳаракатини жорий этиш учун “Самарқанд-Бухоро” йўналиши бўйлаб темир йўл тармоғини тўлиқ электрлаштириш ишлари олиб борилаётгани хабар қилинган эди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 400 млн долларни ташкил этиб, 2015-2016 йилларда ўз ниҳоясига етказилади. Янги тезюрар поезд ишга туширилиши билан йўловчилар икки соат вақтини тежаш имконига эга бўлишади.

Кўпроқ янгиликлар