Кеча, 9 сентябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “Петербургский” спорт-концерт комплексида бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Х жаҳон чемпионатининг чорак финал баҳслари ўтказилди.

Унда Халимбек Утегенов (-48 кг) АҚШ вакили Анжел Мартинесни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Билолбек Мирзораҳимов (-57 кг) беларуслик Артур Туниеуни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Яна бир боксчимиз Тимур Мержанов (-63 кг) ҳам Шотландия вакили Тайлер Жолли устидан ишончли ғалабага эришди. Дилшодбек Рўзметов (-66 кг) эса Туркия спортчиси Булуткан Сохинни 3:0 ҳисобига мағлуб қилди. Яҳёхон Саидхонов (-70 кг) латвиялик Алекс Аболтинзга уч раундда ҳам имкон қолдирмади. Қосимхон Қосимов 75 кг гача вазнда Австрия вакили Филип Коваксни қийин кечган баҳсда 2:1 ҳисобига мағлубиятга учратди. Яна бир кескин олишувда Просфор Роримша +80 кг ванз тоифасидаги Грузия спортчиси Артем Ярданян устидан ғолиб бўлишга эришди. Уларнинг барчаси ярим финалга чиқиб, баҳсларни давом эттириш имконига эга бўлишди.

Афсуски, 52 кг гача вазн тоифасида Муроджон Алиев қозоғистонлик Саматали Толтаевга 3 раундда ҳам имкониятни бой бериб, мусобақалардаги иштирокини якунлади.

Ўзбекистон Бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, бугун, 10 сентябрь куни жаҳон чемпионатида дам олиш куни. Эртага, 11 сентябрь куни ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Шундай қилиб, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 52 медали 20та давлатга қуйидагича тақсимланади:

Россия — 8 медал;

Ўзбекистон — 7;

АҚШ — 6;

Қозоғистон — 5;

Куба, Ирландия, Туркия 3тадан;

Озарбайжон, Қирғизистон, Руминия, Украина 2тадан;

AIBA Team, Англия, Германия, Венгрия, Италия, Польша, Тожикистон, Таиланд, Уэльс эса биттадан медалга эга чиқади.