Тошкент шаҳрида “Мустақиллик йилларида музейлар: кеча ва бугун” мавзусида матбуот-анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бошқармалари раҳбарлари ва Тошкент музейлари директорлари иштирок этдилар. Мустақиллик йилларида музейлар фаолиятини яхшилашга қаратилган 46 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.
Айни кунда Ўзбекистонда 444 та музей фаолият юритиб, уларда 2,3 млн дан зиёдроқ экспонатлар сақланади.
Матбуот-анжуманда алоҳида эътибор 2-9 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “Музейлар ҳафталиги” якунларига қаратилди. Маданий тадбир давомида 42 та музейда 300 га яқин тадбир ташкил этилди. Бу тадбирларга деярли 56 минг киши ташриф буюрди. Музейлар раҳбарларининг қайд қилишларича, музейга ташриф буюрганларнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил қилди. Бу ёш авлоднинг ўз ватани тарихи ва маданияти ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга интилишидан дарак беради.
Матбуот-анжуман доирасида иштирокчилар ёш авлодни тарбиялашда тарихий мероснинг катта аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, музейлар фаолиятини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди.