Таиландда енгил атлетика бўйича мамлакат очиқ чемпионатида Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси аъзолари 7 та медални қўлга киритдилар.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, чемпионатнинг навбатдаги кунида баландликка сакрашда Темур Раҳматуллаев 2,13 метр натижа билан энг юқори кўрсаткични намойиш қилиб, олтин медални қўлга киритди. Спортчи биринчи марта Ўзбекистон спорт устаси меъёрларини бажарди.

Яна бир спортчимиз Иван Денисов уч хатлаб сакрашда 15,71 метр натижа билан кумуш медални, Андрей Резниченко эса 15,67 метрлик натижа билан 3-ўринни эгалладилар.
Бунгача баландликда сакрашда Александра Юркевская олтин медаль, Сафина Саъдуллаева эса кумуш медаль, тўпни итқитишда Сергей Дементьев олтин медаль, 200 метрга югуришда Диана Аглиулина 1-ўринни эгаллаган эдилар.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон мусобақада учтадан олтин ва кумуш ҳамда битта бронза медаль қўлга киритдилар.