"Барселона" жамоаси ҳимоячиси Жерар Пике Испания терма жамоаси мухлисларининг ўзига нисбатан ҳуштак чалишига муносабатини билдириб ўтди.

"Мен бахтлиман ва ҳаётга яхши нигоҳ билан қарайман. Масалан, кеча қўзиқорин териш учун далага бордим ва уч сават қўзиқорин териб олдим.

Ўйлайманки, терма жамоа ўйинида мухлисларнинг менга ҳуштак чалиши "Барселона" ва "Реал" ўртасидаги рақобат билан боғлиқ. Македония билан бўлган ўйин олдидан Серхио Рамос мени ҳимоя қилди. Айни вақтда у билан муносабатларимиз ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ.

Мухлисларнинг нафрати эса мендан ҳам кўра терма жамоага кўпроқ салбий таъсир ўтказмоқда. Аммо мухлисларнинг ўзи шуни исташмоқда. Улар билганларича ҳаракат қилилга ҳақлидирлар. Мен эса бунга гап билан эмас, фақат ўйиним билан нуқта қўя олишим мумкин. Мен ҳамиша Испания терма жамоаси учун бор кучим билан ўйнаганман.

Айтган гапларим учун афсусланмайман. Мен "Ювентус" ва "Реал" ўртасидаги ўйинни Буффоннинг футболкасини кийган ҳолда томоша қилганман ва мадридликлар ютқазишини жуда истаганман. Мен шундайман ва шундайлигимча қоламан. "Реал" ва "Атлетико" ўртасидаги ўйин олдидан эса Касильясга "Умид қиламанки тўртта гол ўтказиб юборасан", - деган эдим. Ўшанда айтганимдек бўлган, биз ўша воқеани кулгу билан эслаймиз.

Мен ўзимни оқламоқчи эмасман, чунки ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ. Агарда Каталония ва Испания ҳақида ҳазил қилсам, бу иш яхши бўлмас эди. Аммо менинг барча ҳазилларим "Барселона" ва "Реал" қарама қаршилигига қаратилган ва мен ҳеч кимни ҳақорат қилганим йўқ.
«Сантьяго Бернабеу»даги мухлислар «Барселона» футболчиларига ҳуштак чалганида, бу мен учун худди симфониядек янграйди. Испания терма жамоасидаги фаолиятимни эса якунлашни ҳаёлимга ҳам келтирганим йўқ", - дейди Пике.