«PROlogue» – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар Республика фестивали Ватан, она табиат, гўзаллик, инсонийлик, бағрикенглик, бунёдкорлик, севги, меҳр ва муҳаббат каби мавзуларда қисқа метражли фильмлар яратиш, бу йўналишда ижод қилаётган ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлигининг ахборот хизмати маълум қилишича, фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан суратга олинган, умумий вақти 40 дақиқадан ошмайдиган ва сўнгги икки йил мобайнида суратга олинган қисқа метражли бадиий фильмлари билан иштирок этишлари мумкин. Фестивалда қатнашиш учун аризаларни 15 октябрга қадар топшириш зарур, аризалар 31 октябрга қадар саралаб олинади, 16-20 ноябрь кунлари эса асосий кўрик дастурига кирган фильмлар намойишлари ўтказилади, 21 ноябрь куни Фестиваль ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Фестивалда икки йўналиш бўйича асосий совринлар топширилади. Жумладан, биринчи йўналиш бўйича «Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм» учун бош соврин, «Энг яхши сценарий», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши операторлик иши», иккинчи йўналиш бўйича эса «Болалар мавзусидаги энг яхши қисқа метражли бадиий фильм», «Болалар мавзусидаги энг яхши сценарий» «Болалар мавзусидаги энг яхши режиссёрлик иши», «Болалар мавзусидаги энг яхши операторлик иши» ғолиблар аниқланади.

Фестивалда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар «Ўзбеккино» Миллий агентлигига топширилади:

ариза (1-илова);
асар(лар) DVD ёки AVI форматда топширилади;

саралашдан сўнг: паспорт нусхаси (яшаш манзили билан), асар муаллифи ҳақида маълумотнома (2-илова), икки дона фотосурат, муаллиф лозим топган реклама материаллари ва бошқа маълумотлар; юридик шахслар учун: корхона Гувоҳномаси.