Россия президенти Владимир Путиннинг БМТ Бош ассамблеяси вақтидаги иш графигида АҚШ президенти Барак Обама билан учрашув ўтказиш кўзда тутилмаган.

"Ҳозирча иш графигида бундай учрашув бўлиши қайд этилмаган. Агар қолган вақт ичида томонлар графикни қайта кўриб чиқмаса ва у ўзгаришсиз қолса, учрашув ҳам бўлмайди", деб маълум қилган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Песковнинг қўшимча қилишича, Оқ уй Кремлга Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган ассамблея вақтида 2 давлат раҳбарининг ўзаро учрашувини ташкил этиш бўйича юзланмаган.

Бундан олдин, Путин 28 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтказиладиган БМТ Бош ассамблеясининг 70-йиғилишида қатнашиб, Россия делегациясига бошчилик қилиши ҳамда нутқ сўзлаши ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, бу Путиннинг АҚШга 2007 йилдан буён илк ташрифи бўлади.